Хабарингиз бор, 17 август куни олий лигамизнинг 16-турида Ғузорда Эдгар Гесс шогирдлари «Андижон» устидан йирик 6:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. «Шўртан» клуби ўз тарихида олий лигада эришган энг йирик ғалабаси айнан 6:1 эди. Демак, клуб ўз рекордини такрорлади.
2006 йилги мавсумнинг энг сўнгги турида "Шўртан” ўз уйида Сариосиёнинг "Тўпаланг” устидан 6:1 ҳисобида зафар қучганди. Ўша ўйинда айни пайтда "Насаф” сафида ҳаракат қилаётган Артур Геворкян хет-трикка, "Пахтакор” таркибида фаолият олиб бораётган Шаҳбоз Эркинов дублга эришганди. Сўнгги голни Игорь Таран пенальтидан киритганди. "Тўпаланг” таркибидаги ягона голни айни пайтда "Олмалиқ” ҳужумчиси ҳисобланган Александр Востриков урганди. Қизиғи ўша ўйинда "Тўпаланг” дарвозасини Михаил Наумов қўриқлаганди. Бу йил Наумов "Шўртан” таркибида тўп тепаётганидан хабарингиз бор. Орадан 5 йил, 9 ой ва 6 кундан сўнг (янаям аниқроғи 2106 кун) "Шўртан” ушбу натижани такрорлади.
|